Одатда бирор муассасага боришни истасангиз, у ҳақидаги шарҳлардан бирор маълумотга эга бўлишни орзу қиласиз. Кўпинча фикрларингизни айнан шу шарҳ ва изоҳлар белгилаб беради. Аммо лекин бироқ мана бундай шаклдаги шарҳ сизга ҳеч қандай маълумот бермайди:
Бугун биз нафақат ўзингизнинг намунали фойдаланувчи эканлигингиз, балки «Шарҳ» иловасида бошқаларга ҳам ёрдам бера оладиган тарзда чиройли шарҳ ёза олишингиз учун кўмак берамиз.
Мана бу шарҳ деярли мукаммалликка яқин. Ош марказига юлдузчалар билан баҳо бериб, у ҳақидаги ижобий ва салбий жиҳатлар ажратиб кўрсатилган
Бироқ бундай шаклдаги шарҳларни янада маълумотга бой қилиш осон. Келинг қандай шарҳ мукаммал саналишини овқатланиш маскани мисолида босқичма-босқич тушунтирамиз.
Биринчи галда шарҳни қисмларга бўлиб чиқинг:
Кириш қисми: Шарҳни қисқача изоҳдан бошланг. Масалан, нега айнан шу ерга келганингизни ёзинг.
Жойни изоҳланг. Жойлашуви, ички кўриниши, муҳити, кутувларингизни қанчалик оқлаганини ёзинг.
Хизмат кўрсатишга баҳо беринг:
Ходимлар. Меҳмондўстлик, муомала, ишига муносабат ва меҳмонларга бўлган эътибор ҳақида таассурот билдиринг.
Хизмат кўрсатиш тезлигини баҳоланг.
Ошхонасига баҳо беринг:
Овқатлари. Нима буюртма қилганингиз, қанчалик ёққани, алоҳида бир талаб ва истакларингизни оқлаганми йўқми, шу ҳақда ёзинг.
Овқатларнинг тайёрланиш сифати ҳақида фикр билдиринг.
Нарх ва сифат уйғунлиги ҳақида гапиринг:
Нархлари. Кўрсатилган хизмат нархига мосми? Шуни айтинг.
Чегирма ва акциялар ёки қандайдир пулли таклифлар бўлса, буларни ҳам қўшинг.
Ўзига хос томонлари ҳақида ёзинг:
Агар масканнинг ўзига хос дизайни, махсус менюси ёки бошқа бир эътиборни жалб этувчи жиҳатлари кўзга ташланса, шулар ҳақида албатта ёзинг. Бу бўлажак ташриф буюрувчилар учун муҳим бўлиши ёки қизиқиш уйғотиши табиий.
Муайян бир таом ёки ичимликлар борасида тавсияларингиз бўлса, шуларга ҳам урғу беринг.
Қайта алоқа:
Ижобий ва салбий. Нима ёққану, нималар эса таъбингизни хира қилганини санаб ўтинг.
Агар танқид қилмоқчи бўлсангиз, далилларингизни асослаб беринг, яхшилаш йўлларини санаб ўтинг.
Суратлар:
Шарҳингизга суратлар қўшинг. Масалан, овқатлар ва муассаса дизайни акс этган суратлар ташриф буюрувчиларнинг тасаввурини оширади.
Шарҳингизни хулосаланг:
Хулосаларингизни умумлаштиринг, ташриф буюришга арзийдими ёки йўқ, ҳаммасини хулоса тарзида якунланг.
Тавсияларимиз шулар. Энди сизга ана шундай мукаммал шарҳга мисол ёзиб кўрсатамиз.
Овқатланиш маскани номи: Юмалоқ қозон
Борган куним: 3 январь, 2024 йил, оилам билан кечки овқат
Яқиндан бошлаб “Юмалоқ қозон” ресторанининг доимий мижозига айландим. Ҳар гал келганимда кўнглим тўлиб кетаман. Шаҳар марказида, шинам ва замонавий дизайнга эга. Ёрқин ранглари, муҳитга мос танланган мебелларида дўстларим, яқинларим билан мазза қилиб дам оламан. Ходимларини алоҳида айтмасам бўлмас, хизмат кўрсатиш сифати юқори даражада, эътиборли, таом ҳамда ичимликлар танлашда доим ёрдамга шай йигит ва қизлар ишлашади. “Юмалоқ қозон”да ҳар гал овқат буюртма қилсам уларнинг бошқача таъмидан баҳра оламан. Масалан, равиоли, қаймоқли кулчалари, мол гўштли стейклари жуда ажойиб. Порциялари катта, мазали қайлалар билан тортишади.
Нарх ва сифат борасида мутаносиб камдан-кам масканлардан бири. Кундалик овқатланиш ёки алоҳида тантаналар учун бирдек мос. Акция ва чегирмаларинику айтмаса ҳам бўлади. Доим фойдаланиб келаман. Ўзига хос жиҳатларидан бири сифатида ҳар мавсум ўзгарадиган менюсини айтмасам бўлмас. Мавсумий овқатларининг турфалиги иштаҳамни очади. Бош ошпаз ва ошхона ходимларининг юқори профессионаллиги алоҳида эътирофга лойиқ. Баъзан тиғиз пайтда овқат озроқ кечикишини айтмаса деярли камчиликлари йўқ. Хулоса қилиб айтсам, “Юмалоқ қозон” бу сиз излаган сифат, нарх ва профессионалликнинг уйғунлиги.